Жорий йил 3 декабрь куни Ўзбекистонда бўлиб турган Германия Федерал Молия вазирлиги департаменти директори доктор Андреас Керст бошчилигидаги делегация билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги Корпоратив бошқарув кодексининг лойиҳаси юзасидан тушунтириш бериш ва кенг муҳокама қилиш мақсадида амалий-семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда Давактив агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Хусанов бошчилигида 200 тадан ортиқ Агентликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, шунингдек давлат иштирокидаги корхоналар вакиллари (жумладан масофавий) иштирок этишди.
Давактив агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Н. Хусанов ўз маърузасида амалдаги Кодекснинг илк 2015 йилда қабул қилинганлигини ва унинг қабул қилиниши мамлакатимизда корпоратив бошқарувни ривожлантиришда муҳим бир босқич бўлганлигини эслатиб ўтди. Янги таҳрирдаги Кодекс лойиҳаси эса, халқаро замонавий амалиётларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, унда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг принциплари мавжудлигини таъкидлади. Ушбу принциплар корпоратив бошқарувнинг энг яхши стандартлари асосига қўйилган ва уларнинг ҳужжатга интеграция қилиниши, компанияларнинг ушбу соҳадаги энг замонавий ёндашувлардан фойдаланиш имконини беради.
Семинар маърузачилари сифатида Германия Федерал Молия вазирлиги департаменти директори доктор Андреас Керст, департамент мутахассиси Ёханнес Камм ва Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) лойиҳа директори Доктор Бертҳолд Волберг, “Indecon consulting” раҳбари Матиас Нейм ҳамда Давактив агентлигининг масъул ходимлари иштирок этди.
Шу ўринда, доктор Андреас Керст ўз марузасида Кодекс жамиятни самарали, шаффоф ва масъулиятли бошқаришни таъминлашга қаратилган принциплар ва тавсиялар мажмуини ўз ичига олганлиги сабабли, уни жорий этилиши нафақат давлат иштирокидаги акциядорлик жамиятларга, балки хусусий жамиятлар фаолиятига ҳам қўлланилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисобланишини айтиб ўтди.
Шунингдек, маърузачилар Германиялик ҳамкасблар билан биргаликда амалдаги Кодекснинг тузилмаси (структураси)ни тўлиқ қайта кўриб чиқиш лозим деб топилганини таъкидлаб ўтди. Мисол тариқасида, амалдаги таҳрирининг мазмунан ва моҳияти бўйича бир-бирига яқин бўлимлари қўшиб юборилди, шунингдек, ўз долзарблигини йўқотган тавсиялар чиқариб ташланди, айрим бандларни эса алоҳида бандларга бўлиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Натижада, Кодекснинг бўлимлари 2 тага қисқартирилиб, унинг бандлари 42 тадан 130 тагача кўпайди.
Ўз навбатида, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотган мазкур семинар савол-жавобга бой ўтди ҳамда иштирокчиларнинг касбий билимларини оширишда самарали хизмат қилади.