Тўловга қобилиятсизлик аломатлари эга бўлган корхоналарнинг тўлов қобилиятини тиклаш орқали уларни молиявий соғломлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 708-сон қарори билан “Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган бўлиб, ушбу Низомга кўра:
1. “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд бўлган корхоналар судгача санацияни ўтказиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали Давактив агентлигига мурожаат қилишлари мумкин.
Бунда, кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан чегирма бериш тўғрисида қарздор ҳамда кредиторлар ўртасида келишувга эришишга қаратилган битимлар, солиқ ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари асосида корхоналарга судгача санация Давактив агентлигининг тегишли қарорига мувофиқ ўн икки ойдан йигирма тўрт (12-24) ойгача муддатга жорий этилади.
2. Корхоналарни судгача санация қилиш орқали уларни молиявий соғломлаштириш мақсадида қуйидаги кўмаклар кўрсатилиши назарда тутилган:
- Давактив агентлигининг қарорига мувофиқ судгача санация қилиш жорий этилган корхонага хизмат кўрсатувчи банкида илгари амал қилган ҳисобварақлари тўхтатилган ҳолда санация ҳисобварағини очиш;
- қонунчилик ҳужжатларига асосан тижорат банкларидан кредит олишда ёки кредиторлар билан келишув даврида кафилликлар бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;
- халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотлари билан корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмаги кўрсатилишини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;
- фойдаланилмаётган асосий воситаларни ва қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа кўмаклар.
3. Судгача санация жорий этилган корхона раҳбари ва унинг бошқарув органлари корхонани молиявий соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни бажаришга масъул ҳисобланади.
4. Судгача санация жорий этилган корхоналарда бизнес-режа ва қарзни узиш режасининг бажарилиши мониторинги Давактив агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан юритилади.
Бунда, мониторинг натижасида судгача санацияни ўтказиш самарасиз эканлиги аниқланганда (бизнес режаси ва (ёки) қарзни узиш жадвали кетма-кет уч чорак давомида бажарилмаса) ёки судгача санацияни ўтказиш муддати тамом бўлганда ёхуд солиқ органи томонидан солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиш муддатидан олдин тугатилганда, судгача санацияни ўтказиш хизмати тугатилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган мазкур Тартиб тадбиркорлик субъектларига молиявий қийинчиликлар ҳолатида кредиторлар олдидаги тўловлар муддатини кечиктириб туриш ҳамда ташқи ва ички манбалардан маблағ жалб этиш орқали тўлов қобилиятларини тиклашга хизмат қилади.