Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Август 2024

“Халқчил IPO” дастури доирасида йирик компанияларнинг акцияларини “битта акция – битта лот” тамойили асосида оммавий жойлаштириш бошланмоқда

Давлат активларини бошқариш агентлиги тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ Ўзбекистоннинг йирик компаниялари акцияларини фуқароларга оммавий таклиф этишнинг янги босқичи бошланганлигини эълон қилади.

Мазкур “Халқчил IPO” дастури мамлакатда аҳолининг барча қатламлари орасида кенг мулкдорлар синфини – акциядорларни шакллантириш мақсадида ўтказилмоқда. Бу учун мазкур босқичда “бирламчи/иккиламчи оммавий таклиф этиш” тамойили асосида Олмалиқ КМК, Ўзбектелеком, Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси ва Ўзтемирйўлконтейнер каби йирик компанияларни акциялари савдога чиқарилмоқда.

Аввал хабар берилганидек, ушбу жараённи ўтказишда:

  • KPMG халқаро консалтинг компанияси Стратегик консультант сифатида ва жараённи мувофиқлаштириш учун жалб этилган;
  • “Mosaic Financial” ва “Lightman PR” консорциуми кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкиллаштириш учун PR-консультант сифатида жалб этилган;
  • 6 та инвестицион воситачилари – «Тошкент» РФБ аъзолари, салоҳиятли андеррайтерлар рўйхати (“ғолиблар рўйхати”)га киритилиб, улар билан бош келишувлар имзоланган.

Бунда, “Халқчил IPO”ни муваффақиятли ташкиллаштириш учун Стратегик консультант билан келишган ҳолда бир ёки бир нечта андеррайтерлар “Халқчил IPO” ўтказиладиган муайян компанияларга алоҳида шартномалар орқали бириктирилади.

Стратегик консультант билан ҳамкорликда акциялар муомаласи ва “Халқчил IPO”ни ташкиллаштириш учун зарур ҳужжатлар ва ушбу компанияларнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари комплекс таҳлил қилиниб, унинг натижаларига кўра дастлаб “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг акцияларини жойлаштириш таклифи ишлаб чиқилди.

Ўз навбатида, Стратегик консультант томонидан қолган жамиятлар комплекс таҳлил қилинмоқда ва уларнинг акцияларни бирламчи жойлаштиришга тайёрлиги, оммавий жойлаштириш стандартлари ва талабларини мос келиши юзасидан тавсия ишлаб чиқилмоқда.

“Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг акцияларини"Халқчил IPO" доирасида оммавий жойлаштиришни амалга ошириш мақсадида:

  • Бизнес-режаси/стратегияси ва инвестицион жозибадорлик тарихи (equity story) ишлаб чиқиш;
  • букраннернинг стандарт хизматлари, шу жумладан жойлаштирилган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун салоҳиятли инвесторларнинг аризаларини қабул қилиш, талабномаларнинг жамланган реестрини юритиш ва акцияларнинг “Халқчил IPO”сини ташкил этишни амалга ошириш учун KAPITAL-DEPOZIT, SATORI IB GROUP va SATORI CAPITAL андеррайтер сифатида жалб қилинди.

“Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг акцияларининг оммавий таклифини ўтказиш жараёнида маҳаллий инвесторларнинг буюртмаларини қабул қилиш “Тошкент” РФБ савдо майдончасида амалда бўлган жараёнга қўшимча равишда, “E-auksion” электрон савдо платформаси, шу жумладан унинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

“Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ акцияларини “Халқ IPO”сини муваффақиятли ташкиллаштиришда андеррайтерлар зарур мобил иловаларга эга бўлган тижорат банклари билан ҳолда ҳамкорлик қилиш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамизки, “битта акция – битта лот” тамойили асосидаги “Халқ IPO”сида иштирок этиш учун аҳолининг барча қатламларига кенг имконият яратиш мақсадида, фуқаролар ўртасида оммалашишга улгурган ва фойдаланувчиларга қулай бўлган “E-auksion” платформасининг жорий имкониятларидан фойдаланилади ҳамда жараёнга қизиқиш билдирган Ўзбекистон Республикасининг барча резидентлари (жисмоний ва юридик шахслар)нинг аризалари жумладан мазкур платформа орқали қабул қилинади.

Бунда, платформа орқали 24/7 онлайн режимида:

  • талабгорларни қимматли қоғозлар бозори қонунчилиги талабларига асосан идентификация қилиш (ЭРИ, One ID ва Mobile-ID);
  • профессионал брокерни танлаб, улар билан шартнома тузиш;
  • депо ҳисоб рақам (акция/облигация учун ҳисоб рақам) очиш;
  • маҳаллий инвесторлар томонидан акцияларни сотиб олиш бўйича буюртмаларни юбориш имкониятлари яратилади.

Акцияларни жойлаштириш параметрлари (нарх диапазони), “ЎзРТХБ” АЖ акцияларининг инвестиция салоҳияти тўғрисидаги материаллар, шунингдек аризаларни топшириш тартиби ва муддатлари ҳақидаги маълумотлар “KapDepo” консорциуми, Давактив агентлиги, “ЎзРТХБ” АЖ расмий алоқа каналлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали қўшимча тарзда етказилади.

Бу орқали, жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчилик хабардор қилиниши таъминланади, жалб қилинган PR консультантлар эса оммабоп тарғибот-ташвиқот жараёнларини ва маркетинг кампаниясини амалга оширади.

Юртдошларимизни республикадаги энг йирик компанияларнинг акциядорлари – эгалари бўлиш ва уларни бошқаришда иштирок этиш имкониятидан фойдаланишга чорлаймиз.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги қарорига асосан «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ (2%), «Ўзбектелеком» АК (2%), «Ўзбекистон почтаси» АЖ (5%), «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ (5%), «Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси» АЖ (2,4%), «Ўзбек геология қидирув» АЖ (2%), «Ўзбекгеофизика» АЖ (2%), «Ўзбекгидроэнерго» АЖ (2%), «O‘ztemiryo‘lkonteyner» АЖ (4%), «Темирйўлкарго» АЖ (4%), «UzAuto Motors Powertrain» АЖ (5%), «Тошкент» РФБ» АЖ (5%) акцияларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.

Дисклеймер: Капитал бозорида қимматли қоғозларни Инвестициялаш объекти сифатида танлаш ва бу инвестициянинг оқибатлари қимматли қоғозлар бозори қонунчилигига мувофиқ инвесторнинг таваккалчилиги ҳисобланади.

8533 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech