Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Ноябрь 2024

“Халқчил IPO” дастури доирасида “ЎзРТХБ” акцияларини оммавий жойлаштириш жараёни муваффақиятли якунланди

Аввал хабар берилганидек, кенг аҳоли қатламларида минглаб мулкдорлар ва акциядорлар пайдо бўлишига имконият яратиш мақсадида, “Халқчил IPO” дастури доирасида мамлакатнинг етакчи давлат компанияларининг акцияларини оммавий таклиф этишнинг янги босқичи бошланган.

Жорий йил 26 сентябрь куни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (кейинги ўринларда – ЎзРТХБ) 4,44 фоизи (3 326 031 дона) акцияларининг оммавий жойлаштирилиши бошланган ва жорий йил 8 ноябрь кунига қадар давом этган.

“Халқчил IPO” дастури доирасида KPMG халқаро консалтинг компанияси Стратегик консультант сифатида ва “KAP DEPO” инвестиция компанияси (“Kapital-Depozit” МЧЖ, “Satori Capital” МЧЖ ва “Satori IB Group” МЧЖ андеррайтерлар консорциуми) андеррайтер сифатида жалб этилган.

Шунингдек, “ЎзРТХБ” АЖ акцияларини оммавий жойлаштириш жараёнида рақобат муҳитини таъминлаш ва жамоатчилик қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча равишда 10 дан ортиқ “Мулк сармоя брокерлик уйи” АЖ, “Freedom Finance” МЧЖ, “Alkes Research” МЧЖ, “Alp Omad Invest” МЧЖ, “Premium Finance” МЧЖ, “Қорақалпоғистон вақт” МЧЖ, “Далал стандарт” МЧЖ, “Leader Finance Capital” МЧЖ, “Tat-Reestr” МЧЖ ва “Finance Invest Brok” МЧЖ каби инвестиция воситачилари жалб қилинди.

Инвесторларнинг буюртмаларини қабул қилиш “Тошкент” РФБ савдо майдончасида амалда бўлган усулларга қўшимча равишда, “E-auksion” электрон савдо платформаси (ipo.e-auksion.uz) ва унинг мобиль иловаси, шунингдек “KAP DEPO” компаниясининг GoInvest иловаси ҳамда Jett сервиси (Multicard, Zoomrad, MyUztelecom, DavrMobile иловалари) ва унинг app.jett.uz веб-терминали орқали онлайн харид қилиш имкониятлари яратилди.

Республиканинг барча вилоятларида “Roadshow” тақдимотлари ўтказилиб, Давактив агентлиги, "ЎзРТХБ" АЖ, “E-auksion” платформаси мутахассислари ҳамда капитал бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан аҳоли билан жонли учрашувлар ташкиллаштирилди.

Бундан ташқари, республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида маҳаллаларга чиққан ҳолда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда қизиқиш билдирган фуқароларга аризалар берилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Натижада, жойлаштирилиши режалаштирилган акциялар ҳажмига нисбатан 108 фоиз, яъни 3 606 466 та акцияларни сотиб олиш учун 12,6 мингта жисмоний ва юридик шахслардан 46,6 млрд сўмлик таклифлар келиб тушди.

Акцияларни сотиб олиш бўйича таклифлар кўп тушганлиги боис, жараённинг халқчиллигини таъминлаш ва кенг аҳолини қатламини акциядорлар қаторига киритиш мақсадида акцияларни сотиб олиш бўйича нарх диапазонининг қуйи қисмидаги нарх бўйича жисмоний шахсларнинг кам миқдорга эга бўлган буюртмалари устувор равишда жойлаштирилди.

Андеррайтер томонидан келиб тушган таклифлар аввал эълон қилинган мезонлар асосида сараланиши натижасида жами 42,9 млрд. сўмлик 11 298 та буюртмалар (11 234 та жисмоний ва 64 та юридик шахслар) қондирилди.

Таъкидлаш жоизки, 2024 йил 26 октябрда бўлиб ўтган “ЎзРТХБ” АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарори билан “Халқчил IPO” доирасида акцияларни сотиб олган инвесторлар ҳар бир акциялари учун қўшимча 4 тадан акция олиши белгиланди.

Давактив агентлиги “Халқчил IPO” доирасида иштирок этган барча манфаатдор томонлар, жумладан, консультантлар, андеррайтерлар, инвесторларга миннатдорчилик билдиради ҳамда мазкур жараён мамлакатнинг етакчи давлат компанияларига кенг аҳоли қатламларини инвестиция киритишга жалб қилиш учун бошланғич нуқта бўлишига ишонч билдиради.

 

3623 Чоп этиш