Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

18 Июль 2024

“Нефтгазмонтаж” МЧЖни устав капиталидаги давлат улушининг хусусийлаштириш жараёни бошланганлиги тўғрисида эълон

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) “Нефтгазмонтаж” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – Корхона/Актив) хусусийлаштиришнинг музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилади.

"Mosaic Financial" компанияси (кейинги ўринларда – Маслаҳатчи) ушбу Битим бўйича Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Актив тўғрисида қисқача маълумот:

"Нефтгазмонтаж" МЧЖ барча даражадаги мураккаб бўлган қурилиш-монтаж ишларини амалга оширади.

Таъкидлаш жоизки мураккаб қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун Корхонада барча турдаги автотранспорт воситалари, қурилиш махсус техникаси ва ускуналари, горизонтал бурғилаш, ер ковлайдиган техникалар, юк кўтарувчи механизмлар, пайвандлаш агрегатлари, махсус транспорт ҳамда “Volvo”, “Caterpillar”, “Komatsu”, “Liebherr”, “Renault” каби илғор халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа механизм ва агрегатларини қўшган ҳолда кенг кўламдаги техникалар мажмуи мавжуд.

  • 2004 йилда Корхонада ISO 9001-2000 халқаро стандарти бўйича сифат менежменти тизими ишлаб чиқилган ва татбиқ этилган.
  • Устав капитали: 4,3 млн АҚШ доллари.
  • Юридик манзили: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳ кўчаси, 47-уй.
  • Веб-саҳифаси: www.ngm.uz.

Сотиш жараёни тўғрисида:

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.

Савдо жараёни икки босқичда амалга оширилади, жумладан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) босқичлари, якуний босқичда таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1% кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади.

Давлат активини сотиб олишга қўйиладиган шартлар:

  1. Корхонанинг асосий фаолият турини 5 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш.
  2. Шунингдек, 2 йил мобайнида Корхонада мавжуд иш ўринларини ва ишчилар сонини сақлаб қолиш (табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринлари бундан мустасно), амалдаги иш ҳақи фонди миқдорини камайтирмаслик ва жамоа шартномаси шартларини ёмонлаштирмаслик.

Ўз навбатида, Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) босқичига ўтган талабгорлар билан, мажбуриятга эга бўлган таклифларни тақдим этишларидан аввал, Активни сотиб олиш бўйича асосий шартлар акс эттирилган келишув имзоланади.

Битимни амалга ошириш жараёни:

Иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Express of interest) тақдим этишлари сўралади:

  1. Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР ва фаолият тури);
  2. Иштирокчи устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/таъсисчилар (эгалик улуши кўрсатилган ҳолда) ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
  3. Охирги 3 йилги фаолияти бўйича молиявий ҳисоботи (МҲХС афзалроқ).

Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини хоҳишларига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб 2024 йил 27 август соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар info@mosaic-financial.uz ва iskandar.bakhromov@mosaic-financial.com  электрон почта манзилига юборишлари лозим.

Ушбу савдо босқичи доирасида, Консультант томонидан потенциал инвесторларни жалб қилиш мақсадида инвестиция тизерларини тарқатиш ишлари амалга оширилади.

Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:

  • Активни сотиб олиш учун етарли молиявий ресурслари, шунингдек, қурилиш муҳандислиги ва бурғилаш ишларини амалга ошириш соҳасидаги активларни бошқариш тажрибаси;
  • Хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги керак;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Аризаларни қабул қилиш тугаллангандан сўнг, Mosaic Financial томонидан иштирокчиларга тегишли хат (Process Letter) орқали кейинги жараённи ташкил этиш тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.

Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:

  • Давлат активларини бошқариш агентлиги вакили: Самандаров Талат Юлдашевич, тел.: +99871-259-20-67, E-mail: tender@davaktiv.uz;
  • Mosaic Financial вакили: Искандар Бахромов, тел.: +99895-502-00-01, E-mail: iskandar.bakhromov@mosaic-financial.com 

Кейинги, Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ҳамда Консультант томонидан тайёрланган Актив фаолияти тўғрисида маълумот ва таҳлилий маълумотлар (Due-diligence) билан танишиш учун виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш, Активга ташриф буюрган ҳолда унинг бошқарув органига саволлар бериш имконияти яратилади.

Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.

Дисклеймер

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги, "Mosaic Financial" ва Корхонани сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва "Mosaic Financial" ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор шахслар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги, Корхона ва "Mosaic Financial" томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

2277 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech